Пойтахтдаги «Сергели» (автомобиль) ва «Янгиобод» бозорларини Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманига кўчириш режалаштирилмоқда, дея хабар қилди «Тошбозорсавдо» уюшмаси вакили «Газета.uz"га.

Автобозорни Сергели туманидан кўчириш масаласи аҳолига туғдираётган ноқулайлик билан асосланмоқда. Бозор турар жой мавзеларини шаҳар маркази билан боғловчи йўлда тирбандликларни келтириб чиқармоқда. «Янгиобод» бозори эса унинг ўрнини «Яшнобод» инновацион технопарки эгаллаши муносабати билан кўчирилмоқда.

Аввалига бозорларни пойтахт вилоятининг Чиноз туманига кўчириш имкониятлари кўриб чиқилган эди. Бироқ ҳозирда бунинг учун Юқори Чирчиқ тумани «Наврўз» маҳалласидаги 50 га майдон таклиф қилинмоқда, дея маълум қилди уюшма вакили.

«Тошбозорсавдо"га зарурат туғилганда янги жойга кўчиш учун тадбиркорларни юк машиналари ва ишчи кучлари билан таъминлаш вазифаси топширилди.

Тошкент ҳокимияти вакили «Газета.uz"га бозорларни кўчириш учун таклифлар ичидан айнан Юқори Чирчиқ варианти танлаб олинганини тасдиқлади. Ҳозирда у ерда тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. «Аниқ Тошкент вилоятига кўчирилади, бироқ қачонлиги ҳозирча номаълум», — деди пойтахт маъмурияти вакили.

«Сергели» автомобиль бозори майдони 23,7 га, «Янгиобод» бозори эса 15,1 га ни ташкил этади.