20 март куни «Тошкент-Урганч» ва «Тошкент-Нукус-Қўнғирот» йўловчи поездлари янги «Бухоро-Мискин» темир йўл тармоғи бўйлаб ҳаракатланишни бошлади, дея хабар қилди «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси. Натижада йўлга сарфланадиган вақт 2 соатга қисқарди.

Худди шу линиядан «Тошкент-Саратов», «Тошкент-Волгодрад», «Олмаота-Нукус», «Андижон-Урганч» ва «Нукус-Урганч-Термиз» поездлари ҳам ҳаракатланади.

355 км лик «Бухоро-Мискин» тармоғи қурилиши 2016 йилнинг декабрида бошланган эди. 2017 йил 1 декабрь куни у фойдаланишга топширилди ва у бўйлаб илк юк таркиби ўтди.

Янги йўл ишга туширилиши билан Тошкент ва Урганч ўртасидаги масофа 75 км га қисқарди. Бунга қадар пойтахтдан Хоразм вилояти маъмурий марказига йўл олган поездлар «Навоий-Учқудуқ-Мискен» йўналиши бўйлаб ҳаракат қилган.

Линияни ишга тушириш жараёнида 121 та сунъий иншоот, 12 та кўприк ва 6 та йўл ўтказгич, шунингдек 5 та янги станция (Янгиобод, Тузтепа, Учачиқ, Сузакдор, Довтепа) ва 5 та разъезд (Машак, Азанир, Алабуға, Жакасай, Ақчука) бунёд этилди.

Келажакда янги темир йўл бўйлаб тезюрар Afrosiyob поездлари ҳаракати йўлга қўйилади.