21 март, Наврўз байрами куни Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Самарқандга ташриф буюрди. Қўшни мамлакат раҳбарини Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев кутиб олди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар қилди.

Ўтган йили Наврўз кунлари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистонга давлат ташрифи билан борган эди. Бу йил Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон халқини Наврўз билан табриклаш мақсадида Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди, дейилади хабарда.

Икки давлат раҳбарлари Самарқанд Форумлар мажмуасида суҳбат ўтказди. Улар бир неча кун аввал — 16 март куни Остонада Қозоғистонда Ўзбекистон йили очилиши маросимида учрашишган эди.

Президентлар минтақа давлатлари, хусусан, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги самимий муносабатлар ҳар қачонгидан ҳам мустаҳкамланиб бораётганини қайд этиб, чегаралардаги енгилликлар икки мамлакат халқларининг ўзаро борди-келдиси учун кенг йўл ва имкониятлар очгани, бунда энг катта мақсад бўлган халқларимиз розилигига эришилганини таъкидладилар.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати юқори баҳоланди, уни янада ривожлантиришга оид масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Нурсултон Назарбоев ва Шавкат Мирзиёев Ҳазрати Хизр мажмуасига ташриф буюриб, мустақиллигимиз асосчиси Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Биринчи Президентимиз қабрига гул қўйиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар. Қуръон тиловат қилинди.

Қозоғистон Президенти давлат раҳбари ҳамроҳлигида Самарқанднинг диққатга сазовор жойларини томоша қилди.