18 март куни Ўзбекистон ФВВга Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Учбов қишлоғида истиқомат қилувчи 1996 йилда туғилган Тўлғиной исмли қизнинг бедарак йўқолгани тўғрисидаги мурожаат келиб тушди.

Қиз йўқолган ҳудудга зудлик билан «Чимён» қутқарувчилар отряди қутқарувчилари етиб борди. Қутқарувчилар қидирув ишларини олиб бориб, тана қисмига кўплаб жароҳат етган фуқарони топишга муваффақ бўлишди, дея хабар берди ФВВ матбуот хизмати.

Аниқланишича, жабрланган фуқаро тоғ ёнбағрида сайр қилиш жараёнида эҳтиётсизлик туфайли сирпаниб кетиб, тахминан 4 метр баландликдан қулаб тушган. Бунинг оқибатида, ўнг оёғида очиқ синиш, ўнг қўли ва чап оёғида синиш ҳолатлари, шунингдек, бош қисмида ҳам жароҳат кузатилган.

Ўз вақтида ёрдамга келган қутқарувчилар тезда жабрланган фуқарога биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш билан бирга, уни ҳавфсиз ҳудудга эвакуация қилиб, тез ёрдам ходимларига топширди.

Ҳозирги вақтда жабрланувчининг аҳволи — ўрта даражада.

ФВВ фуқаролардан тоғли ҳудудларда хавфсизлик қоидаларига риоя қилишни сўраб мурожаат қилди.