9 март куни Душанбеда Ўбекистон ва Тожикистон президентлари томонидан имзоланган битим 19 март куни Тожикистон парламенти томонидан ратификация қилингач, ушбу мамлакатга 30 кунгача муддатга ташриф буюрувчи Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз режим расман очилди.

20 мартдан Ўзбекистон фуқаролари тожик чегарасини визасиз кесиб ўтишлари мумкин. Тожикистон ТИВ эрталаб телефон орқали ушбу маълумотни «Газета.uz» мухбирига тасдиқлади.

Чегарани пиёда ва автомобилда кесиб ўтиш мумкин. «Газета.uz» мухбири Никита Макаренко Тошкент вилоятидаги бунга амин бўлиш учун «Ойбек» пости орқали чегарани кесиб ўтди. У айни пайтда Тожикистонда.

Ўзбекистон Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси ходимларининг унга маълум қилишича, айни пайтда чегарадан фақатгина Ўзбекистоннинг чегарадош туманлари аҳолиси «чиқиш визаси"сиз ўтишлари мумкин. Қолган ўзбекистонликларнинг Тожикистонга боришлари учун улар паспортига чиқишга рухсат берувчи стикер қўйилган бўлиши лозим. Чегарачиларнинг сўзларига кўра, ушбу чора қайта кўриб чиқилади.

Тожикистон чегара хизматидан Никита Макаренкога хабар қилинишича, Тожикистон фуқароларига Ўзбекистонга визасиз кириш очилган 16 мартдан буён Ўзбекистон фуқаролари ҳам қўшни мамлакатга визасиз киритилмоқда.

Тожикистон томонга ўтишда чегарада навбатлар мутлақо бўлмаган. Декларация тўлдириш талаб қилинмаяпти. Ортга қайтишда эса навбат кузатилган.