Тошкентда йўл-патрул хизмати ходими автомобилини пиёдалар ўтиш жойига тўхтатиб тургани учун жаримага тортилди. Бу ҳақда пойтахт ЙҲХБ сайтида хабар қилинди.

Давлат рақами 01 562 VSF бўлган Nexia русумли патрул машинаси «Пиёдалар ўтиш жойи» белгиси остида тургани тасвирланган фотосурат ижтимоий тармоқда эълон қилинди.

Ушбу хабар юзасидан текширув ишлари олиб борилди. Йўл ҳаракати қоидасини бузган патрул пост бригадаси ҳайдовчи ходимига нисбатан Ўзбекистон Респуликаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 1286−1 моддасига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, энг кам иш ҳақининг 3 баробари миқдорида (бугунги кунда — беш юз ўн олти минг етти юз йигирма сўм) жарима тайинланди.

ИИББнинг қайд этишича, ички ишлар органлари ходимлари томонидан қонунчилик, хизмат интизомининг бузилиши ҳолатлари аниқланганда, амалдаги қонунчиликда белгиланган жазо чоралари кўрилади.

«Ҳар бир ички ишлар идоралари ходими содир этган хатти-ҳаракати учун фуқаролар билан тенг ҳуқуқлилик асосида маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилиб бу ҳақида ижтимоий тармоқ ва оммавий ахборот воситалари орқали ёритиб борилишини маълум қиламиз», — дейилади хабарда.

ИИББ ЙҲХБ фуқаролик фаоллиги учун миннатдорчилик билдириб, ҳуқуқбузарликларни содир этган шахслар тўғрисидаги берилган хабарларга асосан қонуний чоралар кўрилишини маълум қилди. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда ўз фикр қолдиришда ахлоқ-одоб қоидаларига риоя қилиниши сўралди.

Эслатиб ўтамиз, ЙҲҚ бузилишига оид фотосуратлар ва видеоёзувларни Тошкент ИИББ ЙҲХБ сайти орқали юбориш мумкин.