Самарқандда Наврўз байрами муносабати билан узунлиги 5 км бўлган иккинчи «Вокзал-Сиёб бозори» трамвай тармоғи фойдаланишга топширилди, дея хабар қилди Ўзбекистон темир йўллари" компанияси матбуот хизмати.

Линияда 18 та бекат бўлиб, 8 та трамвай вагони 7 дақиқа оралиқда ҳаракатланади. Тармоқни январда ишга тушириш режалаштирилган эди, бироқ ортга сурилди.

Самарқандда трамвайлар ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббуси ўтган йилнинг апрелида Ўзбекистон президенти томонидан илгари сурилган эди. Биринчи линиянинг узунлиги 6,4 км бўлиб, вокзални Сартепа мавзеси билан боғлайди.

Трамвайлар ҳаракати учун 6 та электростанция қурилди. Рўдакий ва Гагарин кўчалари чорраҳасида трамвай депоси жойлашган.

Трамвайлар парки 21 машинадан таркиб топган. Истиқболда яна 42 та вагон етказиб бериш режалаштирилган.

Эндиги навбатда Нарпай кўчасидан Кимёгарлар шаҳарчасига бўлган 8,6 км масофага темир йўл ётқизиш белгиланган.

Самарқандда трамвай тизими 1947 йилдан 1973 йилгача фаолият кўрсатган. 2016 йил майида эса Тошкентда 100 йилдан зиёд вақт фаолият кўрсатган трамвай ҳаракати тўхтатилган эди. Пойтахтдаги вагонлар Самарқандга етказиб берилди.