17 март куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси жараёнида Марказий банкнинг қиймати 50, 100, 200 ва 500 сўмлик тангалар чиқариш тўғрисидаги таклифи, уларнинг намуналари ва дизайни кўриб чиқилди ва маъқулланди, дея хабар қилди парламент юқори палатаси матбуот хизмати.

200 сўмлик танга Марказий банк томонидан биринчи марта чиқарилмоқда, 50 сўмлик танга эса 2001 ва 2002 йилларда, 100 сўм — 2004 ва 2009 йилларда, 500 сўм — 2011 йилда муомалага чиқарилган.

Марказий банк йил бошида кичик қийматдаги пул қоғозларни босқичма-босқич янги намунадаги тангаларга алмаштириш режаси ҳақида хабар қилган эди. Бундан ташқари, янада йирикроқ намуналардаги банкноталарни муомалага чиқариш ҳақидаги масала ҳам кўриб чиқилмоқда.