16 март куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туман судида судланувчилар муқаддам Тошкент юридик коллежи директори лавозимида ишлаган Наталья Темирова ва Тошкент юридик коллежининг собиқ иш юритувчи котиби ҳамда ва ходимлар бўлими инспектори Абдулазизжон Салимжоновга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд мажлиси бошланди.

Ўзбекистон Олий суди расмий вакили Азиз Обидовнинг «Газета.uz"га хабар қилишича, Наталья Темирова Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 168-моддаси (фирибгарлик), 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги), 28 орқали 211-моддаси (пора беришга қизиқтириш), 227-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни ва бошқаларни эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) ва 238-моддасида (ёлғон гувоҳлик бериш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда. Абдулазизжон Салимжонов эса ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик), 28 орқали 211-моддаси (пора беришга қизиқтириш) ва 28 орқали 209-моддасида (мансаб сохтакорлигига кўмаклашиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Давлат айбловчиси — Тошкент шаҳар Учтепа тумани прокурори ўринбосари Бахтиёр Юсупов айблов хулосасини ўқиб эшиттирди.

Далилларни текшириш тартиби белгиланди. Бу жараён давомида судланувчилар, фуқаровий даъвогар, гувоҳлар ва мутахассисларнинг кўрсатмалари тингланади, шунингдек, ушбу иш бўйича тўпланган бошқа далиллар текширилади.

Суд жараёни давом этмоқда. Суднинг кейинги мажлиси 26 март куни бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, 6 октябрь куни коллеж ҳудудида уч нафар ўқувчи ўртасида жанжал келиб чиққан, натижада улардан бири бошқа икки ўқувчига пичоқ билан тан жароҳатларини етказган эди. Жароҳатланганлар шифохонага ётқизилган, бироқ шифокорларнинг уринишларига қарамасдан бир ўқувчи — Асадбек Парпибоев ҳаётдан кўз юмган.