Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси тўрт нафар мураббий бошчилигида Сенегал ва Марокаш терма жамоалари билан сафарда ўртоқлик ўйинлари ўтказади. У ҳақда Ўзбекистон Футбол ассоциацияси (ЎФА) матбуот хизмати хабар қилди.

Кенгашга терма жамоа мураббийи вазифасини вақтинча бажарувчи Тимур Кападзе, «Бунёдкор» мураббийи Миржалол Қосимов, «Насаф» мураббийи Рўзиқул Бердиев ва «Пахтакор» мураббийи Шота Арвеладзе ўрин олган.

«Темур Кападзеда ҳали мураббийлик тажрибаси йўқлигини инобатга олган ҳолда, ЎФА 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов томонидан тузилган тажрибали мутахассислардан иборат мураббийлар кенгаши Темур Кападзега Ўзбекистон миллий терма жамоасини бўлажак ўртоқлик ўйинларига тайёрлашга ёрдам беради», — дейилади хабарда.

Сенегал (23 март) ва Марокашга (27 март) қарши кечадиган учрашувлар арафасида миллий терма жамоа Тошкентда ўқув-тайёрлик йиғинини ўтказади, сўнгра Марокашга йўл олишади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Эрон (15 май) ва Уругвай (7 июнь) билан ўртоқлик учрашувларини ўтказади.

«Газета.uz» аввалроқ Ўзбекистон термасига бошчилик қилишга келишилган хорижлик мураббий ЖЧ-2018 якунига етганидан сўнг иш бошлаши ҳақида хабар қилган эди. Унинг исм-шарифи ҳозирча ошкор қилингани йўқ.