Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти АҚШ Махфий хизмати билан трансмиллий молиявий жиноятларга қарши кураш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзолади, дея хабар қилди Американинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати.

АҚШ Махфий хизмати доимий вакили Дениз Фейднер ва департамент бошлиғи Акмалхўжа Мавлонов ушбу ҳужжатни 2018 йил 15 март куни имзолади. Ўзаро англашув меморандуми молиявий текширувлар ҳақида ахборот алмашуви, валютага оид жиноятлар бўйича тажриба ва техник ишланмалар алмашуви, шунингдек томонларни қизиқтирган ўзаро ишчи гуруҳлар ва бошқа учрашувлар ўтказиш тартибини кўзда тутади.

«Валютага оид, молиявий жиноятлар бутун дунёда тобора мураккаб тус олаётган таҳдидга айланмоқда. Бундай жиноятлар йўлига кучли тўсиқ қўйиш трансмиллий жиноий ташкилотлар билан курашишда асосий усул саналади. Махфий хизмат ходимлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари дунё бўйлаб бир-бирларига ёрдам бериши жуда муҳим масала, шу сабабли биз Ўзбекистонда Бош прокуратура билан яқиндан ҳамкорлик қилишни истаймиз», — деди Дениз Фейднер хоним.

«Бу меморандум Ўзбекистондаги АҚШ элчихонасининг асосий мақсадларидан бири бўлган Қўшма Штатларнинг трансмиллий жиноий ташкилотларга қарши курашиш мақсадида хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлигини мустаҳкамлашга ёрдам беради», — деди элчихона хавфсизлик бўйича минтақавий идораси вакили.

Валютани қалбакилаштиришни аниқлаш ва унинг олдини олишни асосий мақсад қилган АҚШ Махфий хизмати ташкил этилганига 150 йилдан ошди. Айни пайтда, АҚШ Президенти ва юқори лавозимли расмийлар хавфсизлигини таъминлашдан ташқари, Махфий хизмат АҚШ валютасини қалбакилаштириш, банк ишидаги фирибгарлик, почтадан ва замонавий алоқа воситаларидан фойдаланишдаги фирибгарлик, ноқонуний молиявий операциялар ва улар билан боғлиқ кибер-жиноятчилик бўйича молиявий текширувлар олиб боради.

Ҳуқуқ-тартибот органларимиз ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш мамлакатларимизга молиявий дастак механизмларини текшириш ва таъқиб этиш орқали трансмиллий жиноий ташкилотлар ҳамда хавфсизлик таҳдидларига қарши туришга имкон беради.