Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилишда айбланаётган журналист Бобомурод Абдуллаев ва тадбиркор Шавкат Оллоёров айбловни тўлиқ инкор этмоқда. Ушбу иш бўйича жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг иккинчи мажлиси 15 март куни бўлиб ўтди. Блогер Ҳаётхон Насриддинов судда ўз айбини тўлиқ, тадбиркор Равшан Салаев эса қисман тан олди.

Айблов хулосасига кўра, Бобомурод Абдуллаев «Усмон Ҳақназаров» тахаллуси остида ҳукуматни ағдаришга чақириқлар бўлган «бир ёқлама ва бўхтонлар"дан иборат материаллар ёзиб, мамлакатда ҳарбий тўнтарилиш ўтказишга тайёрланган. Иш бўйича блогер Ҳаётхон Насриддинов ҳамда тадбиркорлар Шавкат Оллоёров ва Равшан Салаев ҳам қўлга олинган. Тергов материалларига кўра, улар юқори мансабли давлат амалдорлари ҳақидаги ахборотларни етказиб турган.

Жиноий иш судья Зафар Нурматов раислиги остида кўриб чиқилмоқда. Суд мажлиси судланувчи Бобомурод Абдуллаевга нисбатан суд томонидан тайинланган суд-тиббий экспертизаси хулосасини ўқиб эшиттиришдан бошланди. 7 мартда бўлиб ўтган биринчи мажлисда судланувчи «МХХ ходимлари бир неча марта уни қийноққа солиб, уришгани, тан жароҳатларини етказишгани, жисмоний ва руҳий зўравонлик қўллаб, у содир этмаган жиноятларни амалга оширганини тан олишга мажбурлангани, ҳатто бошқа шахсларга нисбатан ёлғон кўрсатмалар беришга эришишгани"ни таъкидлаган эди.

«Афсуски, экспертиза қийноқ қўлланилгани тўғрисидаги талқинимизни тўлиқ тасдиқламади, — деди Абдуллаевнинг адвокати Сергей Майоров. — Бироқ қонун талабларига риоя этилди».

Сергей Майоров.

Айбланувчи томон қийноқ бўлган, деб айтишда давом этаверади ва бу Бобомурод Абдуллаев кўрсатмалари билан тасдиқланади, деди ҳимоячи. «У қийноқ жараёнини жуда батафсил тасвирлаб беради. Тасдиқлардан бири бу ҳодисаларнинг қайтадан айтиб берилиши бўлди. Агар улар бўлмаганидами, у уларни бунчалик чиройли тасвирлаб беролмасди», — деди у.

Мажлисда Бобомурод Абдуллаев кўрсатмаларини эшитиш бошланди. «Газета.uz» тафсилотларини кейинроқ эълон қилади.

Кейинги суд мажлиси 26 март кунига белгиланди.