Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев пайшанба куни Остонада Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи маслаҳат учрашувида бундай учрашувлар ҳар йили Наврўз арафасида ўтказишни таклиф қилди. Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, у келгуси учрашувни Тошкентда ўтказишни таклиф қилди.

Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев, Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон Межлиси раҳбари Акжа Нурбердиева иштирок этди.

«Бундай учрашувни мунтазам ўтказиш ва минтақавий муаммоларимизни биргаликда ҳал этиш Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси, — деди Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев. — Йиғилишимиз ҳаммамиз учун умумий бўлган Наврўз байрами арафасида ўтаётгани ҳам чуқур маънога эга. Албатта, алоҳида учрашиб турардик, мулоқот қилардик, лекин бундай яхлит учрашув анчадан бери бўлмаган эди».

Учрашувда Президент Шавкат Мирзиёев бу кун Марказий Осиё халқларининг кўп асрлик яхши қўшничилик тарихида янги саҳифа очилганини таъкидлади.

«Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан ҳамкорлиги изчил ривожланиб бормоқда, — деди давлат раҳбари. — Мамлакатимизнинг Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан товар айирбошлаш ҳажми 20 фоиздан зиёд ўсган. Шу билан бирга, халқларимиз фаровонлиги йўлида фойдаланишимиз мумкин бўлган кўпдан-кўп имкониятлар мавжуд».

Ўзаро ишонч ва манфаатдорлик асосида савдо, иқтисодиёт, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳаларда, хавфсизлик ва барқарорлик масалаларида ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.