2018 йил январь-февраль ойларида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси ҳажми 3,9 млрд АҚШ долларини ташкил қилди, дея хабар берди Ўзбекистон Статистика қўмитаси Ташқи иқтисодий фаолият ва савдо статистикаси бошқармаси.

Экспорт 1,5 млрд доллар ва импорт 2,4 млрд долларни, ташқи савдо айланмаси салдоси минус 939,4 млн АҚШ долларини ташкил этди. Энергия ташувчилар ва нефт маҳсулотлари экспорти ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,7 баробарга ошган, бунда табиий газ экспорти 3,8 баробарга, машина ва ускуналар — 79,7 фоизга кўпайди.

Буғдой экспортининг 3,1 баробарга ва озиқ-овқат маҳсулотларининг — 36,9 фоизга ошгани ҳисобига озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти 48,2 фоизга ошди.

Экспорт тузилмасида хизматларнинг улуши 32,6 фоизни (486,1 млн доллар), энергия ташувчилари ва нефть маҳсулотлари — 23,2 фоизни (345,7 млн доллар), кимё маҳсулотлари ва улардан тайёрланган буюмлар — 7 фоизни (104,2 млн доллар), машина ва ускуналар — 3,1 фоизни (46 млн доллар), пахта ва тола — 2,6 фоизни (39,5 млн доллар) ҳамда бошқа маҳсулот ва хизматлар — 15,7 фоизни (234,7 млн доллар) ташкил этди.

Импорт тузилмасида машиналар ва ускуналар улуши 36,7 фоиз (893,2 млн доллар), кимё маҳсулотлари ва улардан тайёрланган буюмлар — 14,9 фоизни (361,7 млн доллар) ташкил этди. Шунингдек, 320,3 млн долларлик озиқ-овқат маҳсулотлари (13,2 фоиз), 255,3 млн долларлик қора ва рангли металлар (10,5 фоиз), 186,8 млн долларлик энергия ташувчилар ва нефть маҳсулотлари (7,7 фоиз), 151 млн долларлик хизматлар (6,2 фоиз) четдан импорт қилинган.

Ташқи савдода Россия (25,6 фоиз), Хитой (22 фоиз), Қозоғистон (9,3 фоиз), Туркия (5,8 фоиз), Корея Республикаси (4,8 фоиз), Афғонистон (2,4 фоиз), Германия (2,2 фоиз), Беларусь (2,1 фоиз), Украина (1,6 фоиз), Латвия (1,5 фоиз), Тожикистон (1,2 фоиз), АҚШ (1,1 фоиз) ва бошқа давлатлар энг катта улушларга эга бўлиб турибди.