Қашқадарё вилоятида 2018 йилнинг дастлабки икки ойи давомида жиноятлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки баробарга камайди, дея хабар қилди Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди «Газета.uz"га хабар қилди.

Вилоятда умумий жиноятчилик 709 тадан 309 тага, яъни 56,42 фоизга; жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар сони эса 451 тадан 251 тага, яъни 44,2 фоизга камайган.

Камайган жиноятлар сирасига қотиллик, қасддан баданга оғир шикаст етказиш, номусга тегиш, талончилик, ўғирлик ва босқинчилик, айниқса фирибгарликнинг кириши ҳудудда вазиятнинг барқарорлашиб бораётганини кўрсатмоқда.

10 220 нафар МФЙ раислари, профилактика инспекторлари, халқ таълими, соғликни сақлаш, бандлик ташкилотлари вакиллари ҳамда психологлар ва имомлар киритилган 730 та доимий фаолият кўрсатувчи ишчи гуруҳлар ташкил этилди.

Ҳар бир секторда ишчи гуруҳлар аниқлаган жиноят ва ҳуқуқбузарлик омилларини бартараф этиш ва ҳуқуқий маслаҳат бериш учун жиноий, фуқаровий, маъмурий ва иқтисодий судлар судьялари назорат гуруҳлари таркибида фаолият юритмоқда.

Вилоятда жиноят содир этишга мойил шахслар, яъни муқаддам жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортилган, сурункали спирти ичимлик ичувчи шахслар ва тарбияси оғир ўсмирлар яшовчи хонадонлар аниқланди. Бу тоифа шахслар томонидан такроран жиноят содир этилишининг олдини олиш мақсадида 271 та оилага моддий ёрдам кўрсатилди, 246 та нотинч оила яраштирилди, муҳими жиноятга мойил бўлган, аммо ишсиз юрган 529 нафар шахснинг бандлиги таъминланди, 97 нафари маҳалла йиғинлари, ёшлар, хотин-қизлар ташкилотлари кафиллигига берилди.

Бундан ташқари, «Ёшлар иттифоқи», «Маҳалла», «Нуроний», хотин-қизлар қўмиталари, имом хатиблар томонидан махсус «Йўл харитаси"га биноан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида аҳоли ўртасида 6 800 дан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Бу йўналишда судлар 184 та жиноий ишни, яъни жами ишларнинг 38,1 фоизини маҳаллалар, ўқув муассасалари, меҳнат жамоаларига бориб саёр тартибда кўриши жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик профилактикасига ижобий таъсир ўтказди.

Суд мажлисларида аниқланган жиноятларга сабаб бўлган омилларни бартараф қилиш ҳақида судлар тегишли давлат бошқаруви ва ҳуқуқ идораларига 120 та хусусий ажримлар чиқардилар.