15 март куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Қозоғистонда Ўзбекистон йилининг тантанали очилиш маросимида иштирок этади. Икки давлат раҳбарлари санъат усталари гала-концертига ташриф буюради, дея хабар қилди Қозоғистон раҳбари матбуот котиби Айдос Укибай расмий Facebook-саҳифада.

Маросимда Ўзбекистондан йирик делегация иштирок этади. 190 кишилик делегация таркибидан Маданият вазирлиги, Бадиий академия ва «Ҳунарманд» уюшмаси вакиллари ўрин олган. Концертдан ташқари, тасвирий санъат ва ҳунармандчилик кўргазмаси ҳам режалаштирилган, дея хабар қилди Маданият вазирлиги матбуот хизмати.

Худди шу куни Қозоғистонда Марказий Осиё давлатлари — Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарларининг амалий учрашуви ҳам бўлиб ўтади.