Тошкент Ички ишлар бош бошқармаси аҳоли пунктлари кўчаларида тезликни чеклаш бўйича жаҳон тажрибасини таҳлил қилмоқда. Бу ҳақда шанба куни бўлиб ўтган биринчи очиқ мулоқотда Ўзбекистон ички ишлар вазири ўринбосари, Тошкент ИИББ бошлиғи Рустам Жўраев журналистларга маълум қилди.

«Газета.uz» мухбирининг шаҳарда йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш мақсадида рухсат берилган тезликни чеклаш имкониятлари тўғрисидаги саволига Рустам Жўраев қуйидагича жавоб берди: «Биз халқаро тажрибани ўргандик. Европанинг 29 та давлатида тезлик 50 км/с, Лондонда — 48 км/с». Дунёда Ўзбекистондаги каби 70 км/с тезликка рухсат берилган давлатлар кўп эмас, деди у.

ИИББ раҳбари тезлик тўғрисидаги саволга тайёрланиб келгани турли давлатларда аҳоли пунктларида рухсат берилган тезлик таққосланган слайдни намойиш этганида кўзга ташланди.

Собиқ иттифоқнинг кўплаб давлатлари -Россия, Қозоғистон, Арманистон, Грузия, Озарбайжонда — аҳоли пунктларида рухсат берилган энг юқори тезлик 60 км/с ни ташкил этади, деди Рустам Жўраев. Украина эса 1 январдан тезликни 60 км/с дан 50 км/с га туширди.

«10 км/с да қандай фарқ бор?.. 60 км/с тезликда тўхташ йўли бирмунча қисқаради, агар қуруқ асфальтда 70 км/с тезлик билан таққосланса, бу масофа 12 м атрофидани ташкил этади. Яъни пиёда ёки қандайдир тўсиқ олдида тўхташ имконияти бирмунча ортади», — деди вазир ўринбосари. У тезлик қанча юқори бўлса, ҳайдовчи реакцияси шунча ёмонлашишини қўшимча қилди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда рўй бераётган йўл-транспорт ҳодисалари натижасидаги ҳар учинчи ўлим ҳолати айнан юқори тезлик билан боғлиқ.

ЖССТ тезликни назорат қилиш бўйича самарали чоралар сифатида кўчаларга ҳаракатни сокинлаштирувчи қўшимча қисмлар (кўтарилган пиёдалар ўтиш йўлаклари, хавфсизлик оролчалари, ўтиш қисмини торайтириш, чорраҳаларда айланма ҳаракатланишни жорий этиш ва бошқалар) ўрнатиш, ҳар бир йўл учун мўлжалланган алоҳида тезлик чекловлари (масалан мактаблар ва болалар боғчалари яқинида — 30 км/с) белгилаш, чекланган тезликка риоя этилишини таъминлаш ва тезликни меъёридан ошириш хавф-хатарлари тўғрисида хабардорликни оширишни тавсия қилади.