Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Президент Имомали Раҳмоннинг таклифига биноан 9 март куни давлат ташрифи билан Тожикистон Республикасига келди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Душанбе халқаро аэропортида давлат раҳбарини Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон кутиб олди.

Фото: fb.com/khadamotimatbuot

Ўзбекистон Президенти шарафига бутун шаҳар бўйлаб давлат байроғи кўтарилган. Кўчаларга чиққан минглаб тожикистонликларнинг юз-кўзидаги ҳурсандчилик ушбу ташриф улар учун орзиқиб кутилган воқеа эканидан далолат беради.

Дарҳақиқат, ўзаро муносабатлар тарихида бу Ўзбекистон Президентининг Тожикистонга илк давлат ташрифидир. Томонлар ушбу музокараларга мамлакатларимиз ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, уни амалий мазмун билан бойитиш учун имконият сифатида қарамоқда.

Олий даражадаги музокараларда турли соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама этилади, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар кўриб чиқилади.

Фото: fb.com/khadamotimatbuot

Турли соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш, икки мамлакат халқига қулайликлар яратишга қаратилган тарихий ҳужжатлар имзоланади.

Ташриф доирасида бизнес-форум ва Ўзбекистон миллий саноат кўргазмаси, икки мамлакат санъат усталари иштирокида концерт ташкил этилади.