Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Душанбедаги музокаралар якунлари бўйича Дўстлик ва яхши қўшниликни мустаҳкамлаш тўғрисида қўшма баёнот, Ўзбекистон-Тожикистон давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартномани имзоладилар, дея хабар қилди Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Савдо, иқтисодиёт, инвестиция, молия, транспорт ва транзит, қишлоқ хўжалиги, сув-энергетика, солиқ, божхона, туризм, фан-таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, хавфсизлик ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳаларидаги ҳамкорлик ҳамда ҳудудлараро алоқаларни ривожлантиришга қаратилган жами 27 та ҳужжат имзоланди.

Ушбу салмоқли ҳужжатлар тўплами мамлакатлар ва қардош халқлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш учун янгича ҳуқуқий асос яратади.

Матбуот анжуманида Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон музокаралар дўстона, очиқ ва амалий руҳда ўтганини, мулоқотлар натижасидан мамнунлигини таъкидладилар.

«Биз Ўзбекистон ва Тожикистоннинг сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, энергетика ва бошқа устувор соҳалардаги муносабатларини мустаҳкамлашга доир долзарб масалаларни муҳокама қилдик. Бунинг натижаси сифатида муҳим ҳужжатлар — Давлат чегараси бўйича шартнома ва Фуқароларнинг ўзаро қатнови тўғрисида битим имзоланди. Бугун эришилган тарихий келишувлар нафақат халқларимиз, балки бутун минтақа учун улкан аҳамиятга эга», деди Ўзбекистон президенти.

«Газета.uz"нинг давлат раҳбари матбуот хизматидан аниқлик киритишича, имзоланган ҳужжатга мувофиқ, икки давлат фуқаролари қўшни давлатга 30 кунгача муддатга боришлари, келишлари, транзитни амалга оширишлари ва вақтинча ушбу мамлакат ҳудудида бўлиб туришлари мумкин.

Хабар қилинганидек, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини аввалига 500 миллион долларга етказиш ҳақида сўз борган эди. Давлат раҳбарларининг самарали музокаралари, ишбилармон доираларнинг бевосита мулоқоти натижасида бу кўрсаткич 1 миллиард долларга олиб чиқиладиган бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида ҳал қилинмаган масалалар қолмаганини таъкидлади. Президент Имомали Раҳмон бу фикрни тўла қўллаб-қувватлади.

Томонлар мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни ўзаро ишонч, дўстлик ва яхши қўшнилик асосида янада мустаҳкамлашга интилишини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга сафари тарихда Ўзбекистон президентининг ушбу мамлакатга амалга оширган биринчи давлат ташрифи бўлди.