Ўзбекистон ва Тожикистоннинг савдо-иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантириш Душанбеда икки давлат президентлари раҳбарлигидаги делегациялар музокараларининг асосий мавзуси бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабар қилди. Музокараларда расмий делегациялар аъзолари, икки мамлакат вазирликлари ва йирик компаниялари раҳбарлари, чегараолди вилоятлари ҳокимлари иштирок этди.

Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ўтган йили 240 миллион долларни ташкил этгани қайд қилинди. Президент Шавкат Мирзиёев товар айирбошлашни кўпайтириш ва унинг ҳажмини яқин йилларда 500 миллион долларга етказиш учун ҳали ишга солинмаган улкан салоҳият мавжудлигини таъкидлади.

Икки мамлакат бозорида харидоргир маҳсулотларни етказиб беришни кўпайтириш, савдо-логистика тармоғини кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди.

Ўзбекистон мамлакатлар ҳудудлари ва етакчи корхоналари ўртасидаги кооперацияни кенгайтиришдан манфаатдор. Музокараларда қишлоқ хўжалиги техникасини йиғиш, замонавий қурилиш материаллари, тайёр тўқимачилик, электротехника ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар таклиф этилди.

Транспорт ва транзит ташувлари соҳаси ҳам ҳамкорликнинг стратегик йўналишидир. Ўзбекистон Президенти бу борадаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда темир йўл орқали юк ташиш ҳажмини ошириш учун биргаликда зарур шароитлар яратишга тайёрлигини билдирди.

Минтақа сув ресурсларидан оқилона ва адолатли фойдаланиш, шунингдек, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Президент Имомали Раҳмонни ўзи учун қулай вақтда Ўзбекистонга давлат ташриф билан келишни таклиф этди.