6 март куни нафақат буйрак етишмовчилиги, балки қандли диабетнинг оғир шакли билан ҳам касалланган беморга буйрак кўчириб ўтказиш бўйича жарроҳлик амалиёти муваффақиятли якунланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Қорақалпоғистоннинг Шуманай туманида истиқомат қилувчи 55 ёшли бемор Бекберган Қўчқоровга буйрак трансплантацияси Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида амалга оширилди.

«Буйрак трансплантациясининг ўзи катта жавобгарлик юклайди. Агарда бемор ўткир буйрак етишмовчилиги билан биргаликда қандли диабетдан ҳам азият чекса, бундай амалиётни ўтказиш янада мураккаблашади», — деди марказнинг юрак-томир ва буйрак трансплантацияси бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Фазлиддин Баҳриддинов.

Унинг сўзларига кўра, қандли диабетга чалинган бемор веналарининг торайиши операция вақтида катта муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Шунинг учун бу каби мураккаб жараёнлар учун малакали мутахассислардан иборат жамоа ва юқори технологияли шароитлар талаб қилинади.

Айни пайтда Бекберган Қўчқоров ва унинг 46 ёшли донор укаси Шимберген Қўчқоровнинг аҳволи яхши. Улар шифокорлар назорати остида.

Ҳозирда олимлар ва шифокорлар тана аъзоларини кўчириб ўтказиш бўйича операцияларни такомиллаштириш ва ва юрак трансплантациясини йўлга қўйиш устида иш олиб бормоқда.

Вазирлик хабарида қайд этилишича, қисқа муддат ичида Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида 30 дан ортиқ беморларга қариндош донорлардан буйраклар трансплантация қилинди.