5 март куни 10:50 да Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти Олке посёлкаси ҳудудида «Самара-Чимкент» автомобиль йўлининг 778-километрида Санкт-Петербургдан Тошкентга ҳаракатланиб келаётган Opel Astra (рақами 505 198 RUS) енгил автомобилининг «КАМАЗ» русумли (D 432 ADA 04) юк машинасига тўқнашиб кетиши оқибатида икки нафар Ўзбекистон фуқароси ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда Ўзбекистон ФВВ матбуот хизмати хабар қилди.

Ҳалок бўлганлар: Исоқов Зоҳиджон Мансурович (1978 йилда туғилган, ҳайдовчи) ва Юлдашев Қодиржон Комилович (1975 йилда туғилган, йўловчи). Ҳар иккиси Андижон вилояти Асака тумани «Ўзбекистон» ҚФЙ Дўрмон кўчасида истиқомат қилган. Уларнинг жасадлари Ақтўбега етказилган.

ФВВ Ўзбекистон ТИВ, ИИВ ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар қўмитаси билан алоқада ҳалок бўлганларнинг жасадларини ватанга қайтариш бўйича иш олиб бормоқда.

Ўзбекистон ФВВнинг тезкор алоқа рақамлари: (+99871) 147−10−50.