Тўрт ёшли қизини қийноққа солган Х.Абдураҳмонов олти ой муддатга озодликдан маҳрум этилди, дея хабар қилди ЎзА.

Душанба куни жиноят ишлари бўйича Учтепа судининг судида бу ҳақдаги қарор эълон қилинди.

Фарзандини калтаклаётиб, буни видеога олган ота ўз қизчасига қарата шундай гапларни айтган: «Икки йилдан бери сенларни ким боқяпти? Менга керакмисан сен? Керакмассан. Онангга керакмисан? Онанг қаерда? Икки йилдан бери келдими, сендан хабар олдими?..»

Х. Абдураҳмонов суд мажлисида қилмишидан қаттиқ пушаймон эканини, аслида фарзандларини яхши кўриши, ўша видеони икки йил давомида хорижда ишлаётган турмуш ўртоғини қайтариш мақсадида тасвирга туширганини айтди. «Шундай қилсам, зора аёлим болаларига раҳми келиб қайтар, деган ниятда эдим», — деди у.

Суд мажлисида иштирок этган судланувчининг қариндошлари сўзларига кўра, қизчанинг онаси у ҳали икки ёшга тўлмасдан уни отасига ташлаб, ўзи Туркия давлатига ишлашга кетган. Ота қизчаси ва ундан каттароқ бўлган ўғлига ўзи қараб келган. Аёлининг хорижда ёмон ишлар билан шуғулланганини билгач эркакнинг сабр косаси тўлган.

«Айбланувчи Жиноят кодексининг 110-моддасида назарда тутилган яъни „Қийнаш“ билан боғлиқ жиноятни вояга етмаган шахсга нисбатан содир этган, — дейди Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди судьяси Дилмурод Валиев. — Жазо тайинлашда барча ҳолатлар инобатга олинди. Судланувчининг аввал ножўя қилмишлар содир этмагани, яъни судланмагани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлгани, аслида болалари тақдирига бефарқ эмаслиги кабилар жазони енгиллаштирувчи ҳолат, деб баҳоланди. Х.Абдураҳмонов олти ойга озодликдан маҳрум қилинди».

Бундан ташқари, Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа тумани судининг 31 октябрддаги қарори билан судланувчи оталик ҳуқуқидан маҳрум этилди, болалар эса она тарбиясига топширилган.