26−27 март кунлари ўтказилиши режалаштирилган Афғонистон бўйича «Тинчлик жараёни, хавфсизлик ва минтақавий алоқалар соҳасида ҳамкорлик» Тошкент халқаро анжумани очилишида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Афғонистон Президенти Ашраф Ғани сўзга чиқади. Бу ҳақда мамлакат ТИВ хабарида сўз боради.

Анжуманда иштирок этиш учун БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ва БМТнинг Афғонистондаги махсус вакили Тадамити Ямамота, Европа кенгашининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий комиссари Федерика Могерини, шунингдек Хитой, Россия, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Италия, Франция, Туркия, Ҳиндистон, Эрон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари таклиф қилинган.

Тошкентдаги анжуман 28 февраль куни Афғонистон пойтахтида ўтказилган «Кобул жараёни» иккинчи йиғилишдан сўнг ташкиллаштирилиб, Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича халқаро жамоатчилик томонидан қўлланилаётган чораларни кучайтиришнинг мантиқий давоми бўлади.

Форум қатнашчилари Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ҳаракати ўртасида ҳеч қандай шартларсиз тўғридан-тўғри музокараларни тез орада бошлаш зарурати ҳақида минтақавий ва глобал даражадаги нуқтаи назарларни билдиришлари кутилмоқда.

Конференция якунлари бўйича Тошкент декларациясини қабул қилиш режалаштирилмоқда.