Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан жорий йил бошида ўтказилган ўрганишлар айрим вилоятлардаги даволаш-профилактика муассасаларида аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасида ишлар суст олиб борилаётганини кўрсатди, дея хабар қилди вазирлик матбуот хизмати.

Хусусан, Самарқанд вилояти стоматология поликлиникасида стерилизация ишлари сифатсиз олиб борилган, баъзи ҳолларда бир маротабалик тиббий буюмлар қайта ишлатиб келинган.

Шунингдек, Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли муассасаларда тиббий асбоб-ускуналарни стерилизация қилиш жараёнида ва бошқа муолажаларни ўтказишда амалдаги санитария қоидалари ва меъёрлари қўпол равишда бузиб келингани маълум бўлди. Масалан, тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқ мажмуасининг жарроҳлик блокида стерилизация жараёни талабга жавоб бермайди.

Юқоридаги каби ҳолатлар Самарқанд вилоят перинатал маркази, Самарқанд, Каттақўрғон, Тайлоқ, Нарпай туманлари ва Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмалари фаолиятида ҳам аниқланган.

Бу борада йўл қўйилган хато ва камчиликлар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг навбатдаги Ҳайъат йиғилишида муҳокама қилинди ва йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Жумладан, Самарқанд вилоят стоматология поликлиникаси бош шифокори А.Норбўтаев ҳамда Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи О.Элбабаев билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳамда Самарқанд, Каттақўрғон, Тайлоқ, Нарпай туманлари ва Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмалари бошлиқлари, Самарқанд вилоят перинатал маркази бош шифокорига нисбатан интизомий чора қўллашга қарор қилинди.

Бундан ташқари, тегишли назоратни сусайтириб юборганлиги, шифохона ичи инфекцияси профилактикасини суст олиб борганлиги учун Андижон вилоят Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош шифокори Б.Йўлдашев, Самарқанд вилоят Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош шифокори О.Боймуродов ва Фарғона вилоят Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош шифокори А.Якубовларга нисбатан ҳам интизомий чоралар кўрилди.

Юқоридаги ҳолатлар такрорланмаслиги ҳамда санитария қоидаларига амал қилиш масъулиятини кучайтириш мақсадида даволаш-профилактика муассасаларида шифохона ичи инфекциясининг олдини олиш бўйича доимий равишда тушунтириш ишларини олиб бориш, бу борада ҳудудлардаги мутахассисларга мунтазам равишда амалий-услубий ёрдам кўрсатиш белгиланди.

Вилоятдаги ҳар бир даволаш муассасаси раҳбарига аҳоли манфаатлари йўлида шахсий жавобгарликни ҳис қилиб ишлаш, санитария қоидалари ва меъёрларига қатъий амал қилиш бўйича шахсан жавобгар эканликлари тушунтирилди.