Ўзбекистон Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ҳузуридаги «Автойўлтаъминот» корхонаси 100 донадан зиёд йўл-қурилиш ва таъмирлаш техникаларини харид қилди. Ушбу техникалар мамлакатдаги йўл-қурилиш корхоналари ўртасида тақсимланади.

Қўмита матбуот хизматининг хабар қилишича, машиналар UzXCMG ҚК ҳаммуассиси ҳисобланган Хитойнинг Xuzhou Construction Machinery Group компанияси томонидан етказиб берилмоқда. Техникаларга техник хизмат кўрсатиш учун республика бўйича таъмирлаш базаларининг кенг тармоғи яратилади.

Сотиб олинган техникалар орасида ғалтак машиналар, автогрейдерлар, асфальтётқизгичлар, экскаваторлар ва асфальт-бетон заводлари мавжуд. Биринчи ярим йиллик сўнгига қадар яна 100 дан ортиқроқ техника харид қилиниб, уларнинг жами сони 223 тага етказилади.

Ўтган йилнинг февралида Президент йўл хўжаликларини бошқариш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги фармонни имзолаб, 2017−2018 йилларда ҳудудий автомобиль йўлларини ривожлантириш дастурини тасдиқлаган эди. Дастурда 5454 км хўжаликлараро қишлоқ йўллари, шаҳар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларини, жумладан Тошкентда 332 км йўл ва кўчаларни капитал ва жорий таъмирлаш кўзда тутилган.