1 март куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Туркманистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Вепа Хажиевни қабул қилди. Вепа Хажиев Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Туркманистон қўшма комиссиясининг 14-мажлиси ишида иштирок этиш учун Тошкент шаҳрига келган.

Учрашувда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов мулоқотлари давомида эришилган келишувларни амалга ошириш нуқтайи назаридан икки томонлама муносабатлар ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди, дея хабар берди ТИВ матбуот хизмати.

Туркманистон Президентининг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи амалий жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди. Қайд этилганидек, олий даражадаги Ўзбекистон-Туркманистон мунтазам мулоқоти давлатлараро алоқаларнинг илдам ривожланиши учун асосдир.

Суҳбат чоғида Тошкент шаҳрида март ойида бўлиб ўтиши режалаштирилган тадбирларга — Марказий Осиё мамлакатлари ва Афғонистон ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари учрашувлари ва Афғонистон бўйича «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шерикчилик» номли халқаро конференцияга тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди.