Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 28 февраль куни Покистон, Швейцария, Латвия, Исроил, Германия, Словакия ва Хитойнинг мамлакатдаги фавқулодда ва мухтор элчилари этиб тайинланган Ирфон Юсуф Шомий, Оливье Шав, Михаилс Попковс, Эдуард Шапир, Гюнтер Оверфельд, Ян Бори ва Цзян Яндан ишонч ёрлиқларини қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Давлат раҳбари элчиларни Ўзбекистонда дипломатик миссиясини бошлагани билан самимий қутлаб, масъулиятли фаолиятида юксак ютуқ ва муваффақиятлар тилади.

Маросимда Ўзбекистон кучли фуқаролик жамияти ва жадал ривожланаётган бозор иқтисодиётига эга эркин ва демократик давлат барпо этишнинг янги тарихий босқичига қадам қўйгани алоҳида таъкидланди.

Очиқ ташқи сиёсат олиб бормасдан, кўп қиррали ва ўзаро манфаатли халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиб, мустаҳкамламасдан туриб белгиланган вазифаларни амалга ошириб бўлмаслиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Марказий Осиёда хавфсизлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашда бундан буён ҳам барча саъй-ҳаракатларини сафарбар этиши ҳамда очиқ, дўстона ва амалий ташқи сиёсат олиб боришни давом эттиришини алоҳида таъкидлади. Бунда аввало қўшни давлатлар билан муносабатларга алоҳида эътибор берилади.

Шунингдек, дунёнинг етакчи мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли шерикликни кенгайтириш сиёсати давом эттирилади.

Президент ўз нутқида янги элчиларни тайинлаган мамлакатлар билан дўстлик алоқалари ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг устувор йўналишларига тўхталди.

Ўзбекистон Президенти сўзининг якунида хорижий элчиларга мамлакатнинг вазирлик, идора ва ташкилотлари билан фаол ишлаш, жойлардаги салоҳият ва имкониятлар, халқимизнинг бой тарихи ва маданияти билан яқиндан танишиш учун ҳудудларга тез-тез ташриф буюришни таклиф этди.

Турли масуълиятли лавозимлардаги фаолияти давомида тўпланган тажриба хорижий дипломатларга белгиланган мақсадларга самарали эришиш ҳамда Ўзбекистон билан икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш йўлида ўз зиммасига юклатилган муҳим миссияни муваффақиятли адо этишга хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Ўз навбатида, янги тайинланган элчилар самимий қабул учун давлат раҳбарига миннатдорлик билдириб, мамлакатлар ўртасидаги кенг миқёсли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга бор саъй-ҳаракатларини сафарбар қилишини қайд этдилар.