2007 йилда судланган андижонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Исроил Холдоров озодликка чиқарилди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судидан «Газета.uz"га хабар қилинди.

Исроил Холдоров 2007 йил 19 февраль куни жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят суди томонидан Жиноят кодексининг 159 (Ўзбекистон Республикаси конституцион тузумига тажовуз қилиш), 216 (Жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш), 223 (Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) ва 244−1- (Жамоат тартиби ва жамоат хавфсизлигига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) моддаларида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланиб 6 ил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди.

2012 йил 16 июнь куни жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди томонидан ЖК 221-модда 2-қисм «б» бандига кўра (жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсинмаслик) 60-модда (бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш) 3 йил 3 ой 27 кунга озодликдан маҳрум этилган.

2015 йил 15 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Қарши суди томонидан Исроил Холдоров ЖК 221-модда 2-қисм «б» банди билан 3 йил 6 ой муддатга, ЖК 60-модда қўлланилган ҳолда 3 ил 6 ой 10 кун муддатга озодликдан маҳрум этилган.

2018 йил 15 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди томонидан ЖКнинг 57-моддаси (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўлланилган ҳолда 2 йил 5 ой 20 кун муддатга озодликни чеклаш жазо тури тайинланди. 61-модда (Жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) қўлланилган ҳолда 60-модда билан 2 йил 5 ой 25 кун муддатга озодликни чеклаш жазо тури белгиланди.

ЖКнинг 62-модда (дастлабки қамоқ вақтини белгилаш) қўлланилган ҳолда Исроил Холдоров юқорида тайинланган жазолар ўталгани ҳисобга олиниб озодликка чиқарилди.