27 февраль куни Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Навоий, Тошкент вилоятлари ва Тошкентда кучли шамол ва қаттиқ ёмғир ёғиши қайд этилди.

Пойтахтда шамол тезлиги 16 м/с гача кучайди, дея хабар қилди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати. Бунинг оқибатида Олмазор туманида йўлнинг қатнов қисмига дарахт қулаб тушди. Туман ободонлаштириш бошқармаси кучлари қисқа муддатларда оқибатларни бартараф этди.

Самарқанд вилоятининг Ургут, Каттақўрғон ва Самарқанд туманларида, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Тошкент ва Янгийўл туманларида, шунингдек Тошкентда қаттиқ ёмғир ёғди.

Натижада Тошкентнинг айрим туманларида сув тошиш кузатилиб, турар жойлар ва маъмурий биноларнинг баъзи қисмларига сув сизиб кирган. Ободонлаштириш бошқармаси ва ФВБ куч ҳамда воситалари ёрдамида жала оқибатлари бартараф этилди.

Самарқанд вилоятининг Ургут, Каттақўрғон ва Самарқанд туманларидаги тоғли ҳудудларда сел келиши кузатилди. Жойларда ФВБ ва ИИБ ходимлари ҳамкорликда профилактика тадбирларини ўтказди. Жабрланганлар тўғрисида маълумотлар йўқ.

Бир кун давомида Самарқанд вилоятининг тоғли ҳудудларида ойлик ёғингарчиликлар меъёрининг 67 фоизи ёғди.

Аввалроқ хабар қилинганидек, 1 март куни Ўзбекистон бўйлаб ёмғир ёғиши, айрим жойларда кучайиши ва жалага айланиши кутилмоқда. 17−22 м/с тезликда шамол эсиб, 23−28 м/с гача кучайиши мумкин. 1−2 март кунлари республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида сел келиши хавфи бор.