27 февраль куни Ўзбекистон делегацияси Будапешт шаҳрида «Вишеград гуруҳи» ва Марказий Осиё мамлакатлари ташқи ишлар вазирларининг биринчи учрашувида иштирок этди, дея хабар қилди ТИВ матбуот хизмати.

«Вишеград гуруҳи"да Венгрия раислиги доирасида таклиф этилган «В4 + Марказий Осиё» вазирлар форумида Венгрия, Польша, Словакия, Чехия, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон делегациялари турли соҳалардаги икки томонлама ва минтақалараро ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон делегацияси чиқишида қайд этилганидек, мамлакат мавжуд иқтисодий, интелектуал ва илмий-техникавий имкониятларни инобатга олган ҳолда «Вишеград гуруҳи» давлатлари билан ўзаро манфаатли ва самарали алоқаларни кенгайтириш тарафдоридир.

Мамлакатда кенг кўламли ислоҳотлар ўтказиш ва чуқур ўзгаришлар олиб бориш, хорижий шериклар билан, аввало Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш, кўп йиллик Афғонистон муаммоси нуқтайи назаридан минтақада хавфсизликни таъминлаш бўйича Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган сиёсий кун тартибнинг асосий қисмлари билан учрашув иштирокчилари таништирилди.

Форумда делегациялар томонидан минтақалараро ҳамкорликнинг янги формати умумий шаклда қўллаб қувватланди.

Шу куннинг ўзида вазирлар форумида иштирок этган делегациялар раҳбарлари Венгрия Бош вазири Виктор Орбан томонидан қабул қилинди.