Uzbek Tigers ярим профессионал бокс клуби Жаҳон бокс серияси (WSB) VIII мавсум иккинчи тури доирасида Cuba Domadores устидан ғалаба қозонди. Сешанба куни Тошкентда бўлиб ўтган учрашув 4:1 ҳисобида якунланди.

Гаванадаги мағлубиятдан сўнг Ўзбекистон кубалик меҳмонларга қарши кучли таркиб тузди.

Олимпия чемпиони, Осиё чемпиони, жаҳоннинг вице-чемпиони Ҳасанбой Дўсматов (49 кг гача) икки карра жаҳон чемпиони, Олимпиада бронза медали соҳиби Хоанис Архилагосдан Гамбургда ўтган 2017 йилги жаҳон чемпионати финалидаги мағлубияти ўчини олди. Андижон вакили 3:0 (48/47, 48/47, 48/47) ҳисобида устун келди (видео).

2016 йилги Олимпиадада олтин медалга сазовор бўлган Шаҳобиддин Зоиров узоқ муддатли танаффусдан сўнг рингга қайтиб, 52 кг гача вазн тоифасида икки карра Олимпия ўйинлари ғолиби Робейси Рамирес устидан мақбул 3:0 (49/46, 49/46, 49/46) ҳисобида ғалабага эришди (видео).

Учинчи қарама-қаршиликда Осиё чемпиони Иқболжон Холдоров жаҳон чемпиони Энди Крус билан учрашди. Яқин жангда Cuba Domadores вакили кучлироқ келди — 1:2 (50/45, 47/48, 47/48) (видео).

Навбатдаги учрашувда Осиё чемпиони Исроил Мадримов Олимпия ва жаҳон чемпиони Арлен Лопес қарши рингга кўтарилди. Ўзбекистон вакили ҳар бир раундда янада яхшироқ жанг қилди ва ҳакамлар томонидан бир овоздан ғолиб деб топилди — 3:0 (50/45, 50/45, 50/45) (видео).

Сўнгги жангда ЖЧ бронза медали соҳиби Санжар Турсунов жаҳон чемпиони Эрисланди Савон билан учрашди. Баҳсда ўзбекистонлик спортчи кичик устунлик билан ғалабага эришди — 3:0 (48/47, 48/47, 48/47) (видео).

1 март куни Uzbek Tigers жамоаси Тошкентда Колумбиянинг Colombian Heroicos жамоаси билан учрашади.