Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир туманида йил охирига қадар сув тақсимлаш станцияси қайта тикланади. Бу Кока-Кола жамғармаси ҳамда Глобал сув ресурслари муаммолари бўйича ташкилоти (GWC) ҳамкорлиги натижасида амалга оширилаётган Янги Олам Дастурининг (NWP) молиявий кўмагида иш бошлайдиган «Оролбўйидаги қишлоқ ҳудудларида ичимлик суви таъминотини яхшилаш» лойиҳаси доирасида амалга оширилади.

Орол денгизини қуриши натижасида Қорақалпоғистонда бир қатор ижтимоий-иқтисодий ва экологик муаммолар вужудга келган. Натижада маҳаллий аҳолининг фақатгина 50,8 фоизи сув таъминотининг марказлашган тизими хизматидан фойдаланиш имкониятига эга. Узоқ туманларда истиқомат қилувчилар эса жойларда ўрнатилган сув манбалари орқали ҳамда чуқурлиги 400−500 метр бўлган артезиан қудуқларидан олинадиган сувни истеъмол қилишмоқда.

Ҳозирги вақтда Тахтакўпир туманининг ҳудудида мактаб, болалар боғчаси ва бошқа ижтимоий муассасалар жойлашган «Ата-кўл» қишлоқ фуқаролар йиғининг «Макпал-кўл» овулида ичимлик сувини фақатгина қўл насослари ёрдамида ёки қишлоқ фуқаролар йиғинига олиб келинадиган цистерналардан олиш имкони мавжуд. Бу эса саломатлик ва санитария борасида муаммоларни юзага келтирмоқда.

Лойиҳа доирасида сувни тозалаш учун янги ускуналарни ўрнатиш, сув тақсимлаш станциясини таъмирлаш ва сув қувурларини монтаж қилиш режалаштирилган. Лойиҳа якуни етганидан сўнг 1950 нафар маҳаллий аҳоли тоза артезиан сувидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Кока-Кола жамғармаси лойиҳага 100 минг доллар ажратади.

Лойиҳада станциянинг ишончли ишлаши ва сув таъминоти тизимларидан фойдаланишни таъминлаш учун ташаббускор гуруҳлар ташкил этиш кўзда тутилган. Таълим ва тиббиёт муассасаларида санитария ва гигиена қоидалари бўйича тренинг ва семинарлар ўтказилади.

Ташаббус БМТнинг бир йил аввал бошланган «Орол минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик фондини ташкил қилиш орқали Орол фожиасидан зарар кўрган аҳолининг турмуш шароити салоҳиятини мустаҳкамлаш» қўшма дастури доирасида амалга оширилмоқда.