25 январь куни «Водители Ташкента (DRIVERS.UZ)» Facebook-гуруҳида Тошкент кўчалари бўйлаб ҳаракатланган тўй кортежи «йўл ҳаракати хавфсизлигига қасддан таҳдид солгани акс этган» видеоролик эълон қилинди.

Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан ҳуқуқбузарлик содир этган ҳайдовчиларни аниқлашга қаратилган қидирув ишлари амалга оширилди, дея хабар қилди ИИББ матбуот хизмати.

Маълум бўлишича, Mercedes Benz, Saturn Sky ва тўртта Range Rover автомобиллари ҳайдовчилари ҳуқуқбузарлик содир этган. Ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилган.

ИИББ матбуот хизматининг қайд этишича, Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 129-моддасида шундай келтирилади: Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи гуруҳ бўлиб ҳаракат қилишда қатнашиши энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (ҳозирги кунда 516 720 сўмни ташкил этади).