Ўзбекистон ва Тожикистоннинг чегарадош туманлари аҳолиси «Ойбек» халқаро чегара-божхона пости орқали қўшни давлатга визасиз ўтиш имкониятига эга бўлди, дея хабар берди «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Ахборот 24» дастури. Чегараларни кесиб ўтишнинг соддалаштирилган тартиби 10 февралдан жорий этилди.

Ангрен, Бекобод шаҳарлари, шунингдек Бекобод, Пскент, Оҳангарон ва Бўка туманлари аҳолиси Тожикистонда, Тожикистоннинг Сўғд вилояти Бобожон Ғафуров, Матчоҳ ва Ашт туманлари аҳолиси Ўзбекистонда беш кун муддатга визасиз бўлиб туришлари мумкин.

«Божхонадан ўтдим, ҳеч қандай муаммолар бўлмади. Ўйлайманки, келгусида ҳам улар бўлмайди. Авваллари декларация, виза масаласида муаммолар бўларди. Ҳозир эса ички паспорт билан ўтдик, тамом», — деди Ўзбекистонга ўтган биринчи 10 кишидан бири, Тожикистон фуқароси Эргашали Пардаев телеканалга берган интервьюсида.

Эслатиб ўтамиз, 21 февраль куни Ўзбекистон ҳукумати Тожикистон билан давлат чегарасидаги битта темир йўл ва саккизта автомобиль ўтказиш пунктлари, шунингдек битта чегара пости фаолиятини қайта тиклаш тўғрисидаги қарорни қабул қилган эди.