27 февраль куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Бразилия Федерациясининг фавқулодда ва мухтор элчиси (қароргоҳи Москва шаҳрида) этиб тайинланган Антонио Луис Эспинола Салгадони қабул қилди, дея хабар берди ТИВ матбуот хизмати.

Вазир элчининг ишонч ёрлиқларини қабул қилар экан, уни Ўзбекистондаги дипломатик миссиясининг бошланиши билан табриклади ва унга муваффақиятлар тилади.

Қисқа маросимдан сўнг бўлиб ўтган суҳбат чоғида муносабатларни янада ривожлантириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Бразилия географик жиҳатдан жуда олисда бўлганига қарамай, улар бир бирини истиқболли шериклар деб ҳисоблайди ва сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий-технологик, сайёҳлик, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг мавжуд салоҳиятини кенг миқёсда амалга оширишдан манфаатдордир.

Учрашувда Ўзбекистон-Бразилия муносабатларини фаоллаштириш ва уларга янада тизимли тус бериш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Халқаро ва минтақавий масалалар муҳокамаси доирасида Бразилия томонига 2018-йил 26−27-март кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шерикчилик» номли Афғонистон бўйича халқаро конференция кун тартиби тўғрисида маълумот берилди.