Генерал-полковник Зокиржон Алматов Ўзбекистон ички ишлар вазири генерал-майор Пўлат Бобожоновнинг маслаҳатчиси этиб тайинланди. ИИВ раҳбари шу ҳақдаги буйруқни имзолади, дея хабар берди вазирлик матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Зокиржон Алматов (1949 йилда туғилган) 1991−2006 йилларда ИИВни бошқарган, сўнгра нафақага чиққан.

Вазирлик сайтида эълон қилинган расмий хабарда қайд этилишича, Ўзбекистон Президентининг Қарори билан ички ишлар органларида ёш кадрлар салоҳиятини ошириш тизимини яратиш, уларнинг касбий маҳоратини юксалтириш учун ҳурмат ва обрўга эга бўлган ходимларнинг ички ишлар органларидаги бой амалий тажрибасидан фойдаланиш мақсадида ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси лавозими киритилди.

Зокиржон Алматов кўп йиллар давомида республикада жиноятчиликнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, мамлакатда тинчлик ва осойишталикни таъминлашга катта ҳисса қўшган, дейилади хабарда.