24 февраль куни Фарғона шаҳрида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода раислигида Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон-Тожикистон ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

Бўлиб ўтган учрашув доирасида Ўзбекистон-Тожикистон Давлат чегарасининг айрим участкалар бўйлаб ўтадиган чизиғи лойиҳаси кўриб чиқилди. Қисқа муддат ичида Давлат чегарасини делимитация қилиш жараёнида сезиларли муваффақиятга эришилгани қайд этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи чоғида имзоланиши режалаштирилаётган икки томонлама ҳужжатлар, битимлар ва шартномаларни тайёрлаш ва келишиш каби олий даражадаги бўлажак тадбирларнинг ташкилий ва мазмунли жиҳатларига иштирокчилар эътибор қаратдилар.