Ўзгидромет тугаётган қиш ва март ойи аввалидаги об-ҳаво башоратини тайёрлади.

Қиш фаслида қор кам ёғди. Фақатгина февраль ойида айрим жойларда йиллик меъёрга яқин ёғингарчиликлар кузатилди.

Жорий қишда Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб ўртача ойлик ҳаво ҳарорати йиллик меъёрга яқин бўлди, декабрда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятлари, Тошкент, Жиззах, Сирдарё вилоятларининг айрим туманларида меъёрдан 1,2−3,6 даража паст ҳарорат қайд этилди.

20−21 январда Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида мутлақ юқори ҳарорат кузатилди. Тошкентда энг юқори ҳарорат +18,7 даражага чиқиб, ушбу кунларда ўрнатилган рекорддан 0,1 ва 1,2 даража баланд даража қайд этилди.

Январнинг сўнгги беш кунида ҳаво ҳарорати кескин тушиб, кечаси −14…−11 даражагача, айрим жойларда −18…−16 даражагача, кундузи эса −5…−3, айрим жойларда −8…−6 даражагача тушди. Шимол ва чўл зоналарида кечаси −25…−20, кундузи — −12…−7, Устюртда кечаси −28…−26, кундузи −17…−12 даражагача тушди. Ушбу мавсумда ўртача ойлик ҳаво ҳарорати меъёрдан 10−12 даража паст кўрсаткични қайд этди.

Февралнинг биринчи декадаси ҳам совуқ келди. Декада охирида ҳаво ҳарорати кечаси −10…−8, кундузи — 0…+5 даражагача тушди.

Март аввалида республика бўйлаб Каспий денгизи ҳудудидан нам ва илиқ ҳаво массаларининг кириб келиши кутилмоқда. Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида вақти-вақти билан ёмғир ёғиши, тоғли жойларда қорга айланиши мумкин. Ҳаво кечаси +4…+9, кундузи 1−3 март кунлари +9…+14 даража, кейинчалик — +15…20, айрим жойларда +23 даражагача кўтарилиши кутилмоқда.

Март ойида ўртача ойлик ҳаво ҳарорати йиллик меъёрга яқин бўлиши, айрим жойларда эса меъёрдан 1−1,5 даража паст бўлиши ҳамда +5…+9 даражани ташкил этиши, жанубда — +10…+12 даражагача тушиши кутилмоқда. Ойлик ёғингарчиликлар миқдори меъёрга яқин, айрим жойларда камроқ бўлиши мумкин.

Синоптиклар 7 кундан ортиқ муддатга мўлжалланган об-ҳаво башорати консультатив характерга эга бўлиб, мунтазам аниқлик киритилишини қайд этмоқда.

28 февраль-3 март учун об-ҳаво маълумотлари