Грузия Ўзбекистонга мамлакат бўйлаб барча турдаги юкларни ташиш нархларига 50 фоизлик чегирма жорий этди. Бу ҳақда томонлар Ўзбекистон Ташқи савдо вазирлиги делегациясининг 22−23 февраль кунлари Грузияга ташрифи жараёнида келишувга эришди. Делегацияга ташқи савдо вазири ўринбосари Соҳиб Соифназаров бошчилик қилди, дея хабар берди вазирлик матбуот хизмати «Газета.uz"га.

"Грузия темир йўллари" компанияси раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашувлар натижаларига кўра, темир йўл транспорти, халқаро транспорт йўлакларидан самарали фойдаланиш, ҳар икки мамлакат темир йўллари бўйлаб ташилувчи транзит юклари ҳажмини ошириш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги келишувларга эришилди.

Ўзбекистон ишчи гуруҳи Грузия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Тбилиси мэриясида автомобиль ва қишлоқ хўжалиги техникалари сафини намойиш этди. Грузия томони муниципиал эҳтиёжлар учун автобус техникаси ҳамда қишлоқ хўжалиги корхоналари учун кичик механизация воситаларини етказиб бериш бўйича тендерларда ўзбек машинасозларини иштирок этишга таклиф қилди.