Ўзбекистонда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигини ташкил этиш таклиф қилинмоқда. Ушбу агентлик истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ягона ваколатли орган бўлиши мумкин. Таклиф Президентнинг Адлия вазирлиги томонидан тайёрланган «Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ва бизнес юритиш шароитларини яхшилашни қўллаб-қувватлаш тизимларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармон лойиҳасидан ўрин олган.

Агентликка жумладан давлат органларининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига оид вазифалари ва штат бирликларини ўтказиш кўзда тутилган. Хусусан:

  • Корхоналарни хусусийлаштириш ва рақобатни ривожлантиришга кўмаклашиш давлат қўмитасининг — хўжалик субъектларининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги ва реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши бўйича;
  • Давлат солиқ қўмитасининг — савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя этилишини текширишни амалга ошириш бўйича;
  • Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг — полиграфия соҳасида фаолият кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишни амалга ошириш бўйича вазифалари янги агентликка ўтказилади.

Қўшимча равишда «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонуннинг янги таҳрири лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.