Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳузурида жами 45 та штат бирликларидан иборат Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ташкил этилди, дея хабар қилди Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати.

Мазкур бошқармадаги лавозимларнинг асосий қисми хорижий тилларни биладиган ходимлар билан жамланди. Улар навигация тизими ва электрон таржима дастурларидан фойдаланишлари учун карта ва планшетлар билан таъминланган.

Ўтган йилнинг ноябрида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабзда туризм хавфсизлигини таъминлаш концепциясини тасдиқлаган эди. Унга мувофиқ, Бухоро, Самарқанд, Хоразм ва Қашқадарё вилоятилари ички ишлар бошқармалари ҳузурида хавфсиз туризм бошқармалари ташкил этилди. Уларга ИИБ бошлиқларининг ўринбосарлари раҳбарлик қилади.

Санаб ўтилган вилоятлар ИИБларида хавфсиз туризм ҳолатини мониторинг қилиш, сайёҳларни потенциал хавфлардан хабардор қилиш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун ситуацион марказлар ташкил этилди.