Ўзбекистон Президенти Шавкат мирзиёев 22 февраль куни мамлакатда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишида чет эллик туристларни рўйхатга олиш тартибларини соддалаштириш юзасидан кўрсатмалар берди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Туристлар мамлакатга келгандан сўнг яшаш жойи бўйича 3 кун ичида рўйхатдан ўтиши зарурлиги уларга ноқулайлик туғдираётгани қайд этилди. Сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг вазифаси бўлиши кераклиги таъкидланди.

«Турист саёҳат қилиши, ички ишлар идораларида сарсон бўлмаслиги керак. Агар биз туризм ҳисобига иш ўринлари очамиз десак, туристга шарт қўйиш эмас, балки шароит яратишимиз зарур», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шу боис рўйхатга олиш тизимини тўлиқ электрон шаклга ўтказиш, бу масалани ички ишлар идоралари, меҳмонхоналар, даволаш муассасалари, хусусий уйлар ва шу каби жойлаштирувчи жисмоний ва юридик шахсларнинг мажбурияти сифатида белгилаш, туристларни бундай ташвишдан холи қилиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

1 июлдан Ўзбекистонда электрон визалар жорий қилинади. Йиғилишда электрон виза тизимини белгиланган муддатда тўлиқ ишга тушириш, жаҳон тажрибасини ўрганган ҳолда бу тизимни янада соддалаштириш ва хорижий туристлар келиши тартибини мунтазам енгиллаштириб бориш бўйича топшириқлар берилди.

Йиғилишда 2017 йилда Ўзбекистонга қарийб 2,7 млн турист ташриф буюргани айтилди. Бу кўрсаткич сифат жиҳатидан таҳлил қилиниб, қариндошларини кўриш, даволаниш, ўқиш ёки тижорат каби мақсадларда келаётганлар кўпчиликни ташкил этиши таъкидланди.

«Мамлакатимиз туризм соҳасида улкан салоҳиятга эга бўла туриб, узоқ йиллар бу имкониятдан тўлиқ ва самарали фойдаланилмади. Туризм ривожи учун қулай иқтисодий ва ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилмади, ҳамма ўз билганича фаолият юритиб келди», — дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда туризмнинг барча истиқболли йўналишларида сайёҳлар сонини кўпайтириш, туризм хизматлари реал экспортини 5 йил ичида камида икки баробар ошириш вазифаси қўйилди.