Наманганда наврўз байрами арафасида беш тонналик сумалак тайёрланади, дея хабар қилди ЎзА. Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида биринчи «Сумалак сайли» туризм ва миллий қадриятлар фестивали ўтказилади.

Айни пайтда баҳор таоми учун ишлатиладиган масаллиқлар тайёрланмоқда. Жумладан, 2 тонна буғдой ивитилиб, ундиришга қўйилди. Буғдойдан ташқари, сумалакни тайёрлаш учун 2 тонна ун, 1 тонна ёғ, 450 килограмм зоғора уни, 50 килограмм новвот ишлатилади. Ўтган йили 7 тонна палов дамланган машҳур ўчоқ-қозон «хизматда бўлади». Сумалакни пиширишга катта тажрибага эга 25 нафар онахон жалб этилади.

Фестиваль доирасида шаҳардаги кам таъминланган оилалар фарзандларининг никоҳ ва суннат тўйлари ўтказилиб, турли концерт дастурлари, миллий халқ ўйинлари намойиш этилади.