Ўзбекистон Футбол ассоциацияси миллий терма жамоанинг бош мураббийи билан келишувга эришди, бироқ унинг исми июлга қадар сир бўлиб қолади, дея хабар қилди ЎФА матбуот хизмати.

Пайшанба куни ФАУ президентининг биринчи ўринбосари Умид Аҳмаджонов футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг бўлғуси мураббийи билан музокараларни якунлаш учун Дубайга (БАА) йўл олди.

«Ўзбекистон терма жамоасининг янги бош мураббийи хорижлик кучли мутахассис, жаҳон футболидаги топ мураббий бўлади. Айни пайтда у ўз терма жамоасини Россияда ўтказиладиган жаҳон чемпионатига тайёрламоқда», — дейилади хабарда.

Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) қоидаларига мувофиқ, хар бир мураббий ёки футболчи шартномаси тугашига 6 ой қолганида янги таклифларни кўриб чиқишга ва музокаралар ўтказишга ҳақли.

«Янги бош мураббий билан терма жамоамиз масаласида якуний келишувга эришилди. Бироқ у айни пайтда ўз шогирдларини июнь ойида бошланадиган мундиалга тайёрлаётгани сабабли, жаҳон чемпионати якунига қадар номи ҳозирча эълон қилинмаслигини сўради. Ўзининг бу илтимосини мутахассис жаҳон чемпионати олдидан унинг шогирдлари кайфиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги билан изоҳлади. Умид Аҳмаджонов янги бош мураббийнинг бу илтимосини қабул қилди ва июль ойига қадар унинг номи футбол жамоатчилигига эълон қилинмаслигига ваъда берди» — дея қайд этди ЎФА.

Янги мураббий ЖЧ-2018 якунига етганидан сўнг мажбуриятини бажаришга киришади. Унга қадар миллий терма жамоа ЎФА ҳузурида янги ташкил этилган Мураббийлар кенгаши раҳбарлиги остида ўқув-машғулот йиғинлари ва белгиланган ўртоқлик учрашувларини ўтказади.

«Шуниси аниқки, юртимиз футбол мухлислари миллий терма жамоамизнинг янги бош мураббийини жуда яхши билишади ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбариятининг бу танловидан бениҳоя хурсанд бўлишади», — дейилади мурожаатда.

Янги бош мураббий олдига Осиё кубоги-2019 да муваффақиятли иштирок этиш ва терма жамоани 2022 йилда Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига олиб чиқиш вазифаси қўйилади.

Аввалроқ «Газета.uz"нинг ЎФАдаги ахборот манбаси Эрон термаси бош мураббийи 64 ёшли португалиялик Карлуш Кейруш билан музокараларга эришгани тўғрисида маълум қилган эди.