2017 йилда Ўзбекистонда 73,7 мингта жиноят рўйхатга олинган бўлиб, аввалги йилга нисбатан 13 минг 720 тага ёки 15,7 фоизга камайишга эришилди. Бу ҳақда ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ЎзАга берган интервьюсида маълум қилди.

ИИВ маълумотларига кўра, қотиллик 22, қасддан баданга оғир тан жароҳати етказиш 7,1, номусга тегиш 21,8, босқинчилик 22,8, талончилик 21, ўғирлик 6,6, фирибгарлик 5,7, безорилик 37,9, транспорт воситаларини олиб қочиш 6,2 фоизга камайди.

Пўлат Бобожоновнинг қайд этишича, ўтган йил давомида республикадаги мавжуд 8973 маҳалланинг 1079 тасида умуман жиноят содир этилмади.

Рўйхатга олинган жиноятларнинг 9,5 мингдан ортиғи хотин-қизлар томонидан содир этилган бўлса, тарбияси оғир, иш ва ўқишга жойлашмаган ёшлар томонидан 26,6 мингта жиноятга қўл урилган. Бунда, мактаб ўқувчилари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежи ўқувчилари томонидан 1,5 мингдан зиёд жиноят содир этилган.

ИИВ Жиноят қидирув бош бошқармасидаги Наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш бошқармаси ва унинг жойлардаги ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида 2017 йилда наркотик моддалар билан боғлиқ 4806 жиноятни 4 мингдан ортиқ шахс содир қилганлиги аниқланди. Улардан бир тоннадан ортиқ турли хилдаги наркотик моддалар олинди. Таркибида наркотик моддалар бўлган ўсимликларни етиштириш билан боғлиқ 895 ҳолат аниқланди. Ёшлар орасида «енгил наркотик» сифатида оммалашган, инсон руҳияти ва саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи психофаол тиббий препаратларни ноқонуний сотиш билан шуғулланган 310 шахс ушланди.Улардан 62,5 минг дона дори воситалари олинди. Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ҳамда унинг жойлардаги тизимлари томонидан 2017 йил мобайнида коррупция ва иқтисод соҳасида содир этилган ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари органларининг фаолияти тартибига қарши жиноятлардан 1426 таси аниқланди. Мазкур жиноятларнинг 171 таси порахўрлик, 109 таси товламачилик, 517 таси фирибгарлик, 125 таси валюта билан боғлиқ қоидаларни бузиш, 19 таси қалбаки пул ясаш, 190 таси талон-торожлик ҳамда 295 таси бошқа турдаги ҳолатлардир.

Тезкор-қидирув чора-тадбирлари натижасида 407 гуруҳ томонидан содир этилган жиноятлар фош этилиб, жиноят содир этган икки мингдан ортиқ шахс жиноий жавобгарликка тортилди. Жиноятлар натижасида етказилган 45 миллиард сўмлик зарар ундирилди.

Пўлат Бобожонов ички ишлар органлари ўз сафларини «ўз манфаатини давлат ва халқ манфатларидан устун қўядиган ходимлар"дан тозалаш ўтказаётганини ҳам таъкидлади. 2017 йилда хизмат интизомини бузганлиги учун 8 минг 32 нафар ходим интизомий жазога тортилди. Шундан 230 нафари турли жиноятларни содир қилгани учун жиноий жавобгарликка тортилди.