Mirzo Ulugbek Innovation Center инновацион маркази қошида Тақсимланган реестр (блокчейн) технологиялар бўйича ваколатли марказ ташкил этилади. Бу Ўзбекистон Президентининг 19 февралдаги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги қарорида кўзда тутилган.

Марказни очишдан мақсад — блокчейн технологиялар имкониятларидан фойдаланиш учун шароитлар яратиш, кадрлар салоҳиятини ошириш ва мазкур технологияни ўзлаштириш учун миллий дастурчиларни қўллаб-қувватлашдан иборат.

АКТ вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирлик ҳамда маҳкамаларга 1 июнга қадар марказни ташкил этиш бўйича ташкилий-техник чора-тадбирларни амалга ошириш топширилди.

Блокчейн (blockchain, «блоклар занжири») — бир-бири билан интернет орқали уланган кўплаб компьютерларда бир вақтда сақланувчи маълумотлар базаси ҳисобланади. Технология муҳим маълумотлар, масалан электрон транзакциялар ва юридик ҳужжатларни сақлаш учун яратилган. Блокчейннинг асоси сифати — марказлашмагани.