Жиноий ишлар бўйича Тошкент вилоят суди чоршанба куни молиявий пирамида асосчиси Аҳмад Турсунбоевни 13 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида қарор қабул қилди. Ушбу муддатнинг бошланиш санаси сифатида Аҳмад Турсунбоев ва унинг олти нафар шериги ҳибсга олинган 2016 йилнинг 16 июни белгиланди.

Улар Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168- (фирибгарлик), 188- (ноқонуний тадбиркорлик фаолияти), 189- (савдо-сотиқ ёки хизмат кўрсатиш қоидаларининг бузилиши), 190- (лицензиясиз фаолият кўрсатиш), 211- (порахўрлик) ва 243- (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) моддалари бўйича айбдор деб топилди.

Суд, шунингдек бир йил муддатга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга тақиқ қўйиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 400 баробари миқдорида (52 миллион 96 минг сўм) жарима ҳам белгилади.

Аҳмад Турсунбоевнинг олти нафар шеригига қуйидаги ҳукмлар чиқарилди:

О. Қўчқоров — бир йил муддатга тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 11 йил озодликдан маҳрум қилиш ва ЭКОИҲнинг 400 баробари миқдорида жарима;

И. Иброҳимов — бир йил муддатга тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 11 йил озодликдан маҳрум қилиш ва ЭКОИҲнинг 350 баробари (45 млн 584 минг сўм) миқдорида жарима;

М. Турсунбоев — бир йил муддатга тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 11 йил озодликдан маҳрум қилиш ва ЭКОИҲнинг 350 баробари миқдорида жарима;

О. Турсунбаев — бир йил муддатга тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 7 йил озодликдан маҳрум қилиш ва ЭКОИҲнинг 350 баробари миқдорида жарима;

А. Турдиев — бир йил муддатга тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 7 йил озодликдан маҳрум қилиш ва ЭКОИҲнинг 350 баробари миқдорида жарима;

Р. Исмоилов — 10 йил озодликдан маҳрум қилиш ва ЭКОИҲнинг 400 баробари миқдорида жарима.

Ўзбекистон Олий суди матбуот хизматининг қайд этишича, суд жазо чорасини тайинлашда судланувчиларнинг содир этилган жиноятдан чин кўнгилдан пушаймон эканлиги ва жиноий қилмишларни фош этишда фаол иштирок этганини ҳисобга олди.

Суд моддий зарарни қоплаш масаласи бошқа жиноят ишларини ҳам тергов натижаларига қараб ҳал этилишини кўрсатиб ўтди.