Тез орада Тошкент метрополитенида фотосурат ва видеолавҳага олиш мумкин бўлади, дея хабар қилди 7 февраль куни Халқаро пресс-клуб доирасида журналистлар билан бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов.

Айни пайтда фото ва видео тасвирга олиш метрополитендан фойдаланиш қоидаларида белгиланган бўлиб, ер ости транспортида хизмат ўтаётган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари метрода тасвирга олишга бўлган барча уринишларнинг олдини олади.

Сешанба куни Президент Шавкат Мирзиёев туризмни ривожлантириш тўғрисидаги қарорни имзолади. Унда туристларга жамоат жойлари, бино ва иншоотларни ҳеч қандай тақиқларсиз суратга олишга рухсат берилган. Ҳозирда ҳукуматда тасвирга олиш тақиқланган объектлар рўйхатини тасдиқловчи ҳужжат лойиҳаси кўриб чиқилмоқда.

«Метрода ҳам тасвирга олиш мумкин. Ҳеч қандай муаммо йўқ. Бизда дунёдаги энг чиройли метро бор, биз уни реклама қилишимиз керак. Ҳозиргача мумкин эмас эди, бироқ Президент буларнинг барчасини тасвирга олиш мумкинлигини айтди», — деди Давлат туризм қўмитаси раҳбари.

Қўмита раҳбарининг сўзларига кўра, ички ишлар вазири яқин орада мажлис ўтказиб, ходимларга мамлакатда аввалгидек тасвирга олиш қатъий тақиқланмаслигини маълум қилади.

«Марҳамат, кўчалардаги гўзал маъмурий биноларимиз, майдонлар, ёдгорликларимизни суратга олинг», — дея барчага мурожаат қилди Азиз Абдуҳакимов.

Нима учун рухсат фақат туристларга тааллуқли, деган саволга у барчага — ҳам туристлар, ҳам ўзбекистонликларга тегишли, дея жавоб берди. «Албатта ўзимизникиларга ҳам мумкин. Бизникиларга барчаси мумкин. Бизда тасвирга олишга тақиқ йўқ», — деди Туризм қўмитаси раиси.