«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси халқаро қатновларга чипталарни таннархидан арзонроққа сотиш ҳуқуқига эга бўлди. Бундай чора қатновлар рақобатбардошлигини таъминлаш учун қабул қилинди, дейилади Ўзбекистон Президентининг «Кириш туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида.

Ҳужжатга мувофиқ, «Ўзбекистон ҳаво йўллари"нинг солиқ солинадиган базасини арзонлаштирилган нархлар бўйича сотилган авиачипталар суммасига камайтириш механизми жорий этилади.

Қарорда Миллий авиакомпанияга Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан келишган ҳолда хорижий туристларни жалб қилиш прогнозини тасдиқлаш ҳамда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАКнинг хориждаги ваколатхоналари раҳбарлари ва ходимларини жойлашган мамлакатидан туристлар оқимини кўпайтирганлик учун ўз маблағлари ҳисобидан мукофотлаш, юкланган вазифаларнинг бажарилиши таъминланмаган ҳолатларда эса, жавобгарлик чораларини қўллаш тизимини жорий этиш тавсия этилди.

Қўшимча равишда Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хивада халқаро аэропортларни темир йўл вокзаллари ва автовокзаллар, шунингдек йирик меҳмонхоналар билан боғловчи махсус автобуслар (shuttle-bus) қатновини йўлга қўйиш белгиланган.